НИЗОМ

Ўзбекистон Республикаси
Вазирлар Маҳкамасининг
2004 йил 11 июндаги
274-сон қарорига
3-илова
 
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тўғрисидаги
 

НИЗОМ

Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (кейинги ўринларда агентлик деб аталади) оммавий ахборот воситалари, ахборотлар алмашиш, матбуот, ноширлик, матбаачилик фаолияти ҳамда даврий нашрларни тарқатиш соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқариш ва амалга ошириш борасидаги вазифаларни ҳал этиш учун ваколат берилган давлат бошқаруви органи ҳисобланади.


Агентлик ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради.


2. Агентлик тизимига Қорақалпоғистон Республикаси матбуот ва ахборот агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий бошқармалар деб аталади) ҳамда Агентликка қарашли бошқа ташкилотлар киради.


Ҳудудий бошқармалар икки томонлама бўйсунадилар ҳамда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ҳисоб берадилар.


3. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига ва бошқа ҳужжатларга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Агентлик ўз фаолиятини давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


5. Агентликни, унинг ҳудудий бошқармаларини моддий-техник таъминлаш ва Агентлик тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Агентликка қарашли ташкилотларнинг шартнома асосидаги ажратмалари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалари ҳисобига амалга оширилади.

Оммавий ахборот воситалари мониторинги ва уларни лицензиялаш маркази фаолияти давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

6. Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.


7. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

оммавий ахборот воситаларининг мустақил фаолиятини амалга оширишга бўлган Конституциявий ҳуқуқларига ва тегишли қонун ҳужжатларига, сўз ва матбуот эркинлиги кафолатларига сўзсиз риоя қилиниши мониторингини олиб бориш;


республика фуқароларининг ахборотлар олишга бўлган эҳтиёжини янада тўлиқ қондириш, аҳолининг, энг аввало, ўсиб келаётган авлоднинг таълим, маънавий ва маданий даражасини ошириш, уларни миллий мустақиллик ғоялари руҳида тарбиялаш мақсадида оммавий ахборот воситаларини, ноширлик ишларини ва матбаачиликни кенг ривожлантиришга кўмаклашиш;


ноширлик ва матбаачилик фаолияти, оммавий ахборот воситалари, даврий нашрларни тарқатиш, шу жумладан кўрсатиб ўтилган фаолият турларини рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш;


нашриётлар, оммавий ахборот воситалари, телевидениэ, радиоэшиттириш ва республика ахборот бозорининг бошқа қатнашчилари томонидан ахборот соҳасида амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш;


ноширлик фаолиятини лицензиялашни ташкил этиш;


мулкчилик шаклларидан қатъи назар, оммавий ахборот воситалари учун ахборот бозорида тенг шарт-шароитларни таъминлаш тадбирларини ишлаб чиқиш;


ноширлик ва матбаачилик фаолияти, даврий нашрларни тарқатиш соҳасида ягона техника сиёсатини ўтказиш;


рекламалар тайёрлаш, шунингдек уларни оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиш соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашиш;


ноширлик-матбаачилик фаолиятининг ишлаб чиқариш-техникавий базасини ривожлантириш ва замонавийлаштириш, стандартлаш ва сертификатлаш соҳасида чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


8. Агентлик ўзига юкланган вазифаларни бажариш мақсадида қуйидаги функцияларни амалга оширади:

матбаачилик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларни, оммавий ахборот воситаларини рўихатдан ўтказади;


ноширлик фаолиятини лицензиялашни ташкил этади;


нашриётлар, оммавий ахборот воситалари, телевидениэ, радио ва республика ахборот бозорининг бошқа қатнашчилари томонидан ахборот соҳасида амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши мониторингини ташкил қилади;


қонун ҳужжатларига, рўихатдан ўтказиш ва лицензиялаш шартномаларига риоя этилишини назорат қилади, оммавий ахборот воситалари ва нашриётлар томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари мунтазам равишда бажарилмаган тақдирда эса – рўихатдан ўтказиш белгиланган тартибда тўхтатиб туради ва тўхтатади;


техник, шунингдек бошқа нормативлар ва стандартларни ишлаб чиқиш ҳамда техникавий базани ривожлантириш, реконструкция қилиш, ундан фойдаланиш, стандартлаш ва сертификатлаш соҳасидаги тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;


Агентлик ваколатига киритилган соҳаларда фаолиятни амалга оширувчи бошқа органларга кўмаклашади;


Агентлик ваколатига кирувчи тармоқларни ривожлантириш прогнозлари ва дастурларини ишлаб чиқади;


Агентлик фаолиятига тааллуқли иқтисодий, ижтимоий, техникавий, ҳуқуқий муаммоларни таҳлил қилади ҳамда уларни ҳал этиш, шу жумладан таклифлар, тегишли қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;


Агентлик тасарруфидаги ташкилотлар фаолиятига раҳбарлик қилади ва улар фаолиятини мувофиқлаштиради, уларнинг моддий-техникавий таъминотига кўмаклашади;


Матбуот ва ахборот соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиради, халқаро ташкилотларнинг Агентлик ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ишларида қатнашади.



9. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органларидан ва бошқа органлар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслардан зарур ахборотлар, ҳужжатлар ва материалларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сўраб олиш;


қонун лойиҳаларини тайёрлаш, экспертизадан ўтказиш, тадқиқот ишларини амалга ошириш ва консультациялар учун илмий ташкилотларни, давлат органлари ходимларини, мутахассислар ва экспертларни, шу жумладан хорижий мутахассислар ва экспертларни белгиланган тартибда жалб этиш, вақтинчалик ижодий жамоалар ташкил қилиш;


ўз ваколати доирасида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, матбуот ва ахборот соҳасидаги қонунчиликни бузаётган давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар (тақдимномалар) бериш.


Агентлик Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



10. Агентлик ўз ваколатлари доирасида вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар чиқаришга ҳақлидир.


Агентлик, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан бирга қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар қабул қилишга ҳақлидир.


11. Агентлик ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.


12. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг оммавий ахборот воситаларини цензура қилиши, материалларни таҳрир қилиши ва оммави яхборот воситалари фаолиятига бошқа ҳар қандай шаклда ноқонуний аралашиши қатъиян тақиқланади.



13. Агентликка қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бош директор бошчилик қилади.


Бош директорнинг бир ўринбосари бўлади.


Бош директор мақомига кўра вазирга, Бош директор ўринбосарлари – вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.


14. Бош директор:

Агентлик фаолиятига яккабошчилик асосида раҳбарлик қилади ва Агентликка юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


Агентликнинг марказий аппарати ходимларини ва худудий бошқармалар раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Бош директорнинг вазифаларни тақсимлайди;


Агентликнинг мансабдор шахслари, ҳудудий бошқармалар, Агентлик тасарруфидаги ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради, шунингдек уларнинг бажарилишини белгиланган тартибда назорат қилади;


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган ходимларнинг сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Агентлик марказий аппаратининг тузилмаси ва штат жадвалини, матбуот ва ахборот ҳудудий бошқармалари ходимлари сонини, шунингдек маблағ ажратишнинг тегишли даври учун давлат бюджетида тасдиқланган доирада уларнинг таъминоти харажатлари сметасини тасдиқлайди;


Агентликнинг таркибий ва ҳудудий бошқармалари тўғрисидаги низомларни, Агентликка қарашли ташкилотларнинг низомларини белгиланган тартибда тасдиқлайди.



Бош директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



15. Агентликда таркибига Бош директор (ҳаиъат раиси) ва Бош директорнинг ўринбосари (лавозимига кўра), оммавий ахборот воситалари ва оммавий коммуникациялар, матбуот, нашриётлар ва матбаа соҳасидаги бошқа раҳбар ходимлар, шунингдек Бош директорнинг тавсияси бўйича бошқа шахслар кирадиган 7 кишидан иборат ҳайъат ташкил этилади.


Ҳайъат шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Ҳайъат Агентлик фаолиятини прогозлаш билан боғлиқ асосий масалаларни кўриб чиқади.


Ҳайъат қарорлари, қоидага кўра, Бош директор буйруқлари билан амалга оширилади. Бош директор билан Ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчилик келиб чиққан тақдирда Бош директор узил-кесил қарор қабул қилади ҳамда пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот беради. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикрини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълум қилишлари мумкин.


16. Ҳудудий бошқармалар ўз фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда Агентлик томонидан тасдиқланган низомларга мувофиқ амалга оширади.


Агентликнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тақдимномасига биноан Бош директор томонидан тайинланади.


17. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигини тугатиш ва қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.