“Frankfurt Buchmesse” халқаро китоб кўргазмаси очилди

2018 йил 10 октябрь куни Германия Федератив Республикасининг Франкфурт шаҳрида анъанавий “Frankfurt Buchmesse” халқаро китоб кўргазмасининг тантанали очилиш маросими ГФР президенти Штайнмайр, дипломатик корпус вакиллари, элчилар, шунингдек, кўплаб хорижий давлатлардан ташриф буюрган ношир ва матбаачилар иштирокида бўлиб ўтди.

Мазкур йирик маърифий фестивалда мамлакатимизда фаолият юритаётган етакчи нашриёт-матбаа корхоналаридан таркиб топган Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ноширларимиз ҳамда матбаачиларимиз эришган ютуқлари акс этган тақдимотлар билан қатнашмоқда.

- Кўргазмада Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги “Ўзбекистон”, “Ўқитувчи”, Ғафур Ғулом, Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари, “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа маркази, “Маънавият” нашриёт-матбаа уйининг 500 га яқин Ўзбекистоннинг турли соҳаларда эришаётган ютуқлари акс эттирилган китоб-альбомлар, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, илмий-оммабоп, болалар адабиёти ва бадиий асарлари намойиш этилаётир, - дейди ЎзМАА Бош директори, Ўзбекистон делегацияси раҳбари Лазиз Тангриев. - Мазкур тадбирда иштирок этишдан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг ноширлик ва матбаачилик соҳасидаги ютуқлари, нашриётларнинг матбаа маҳсулотларини Европа мамлакатларида тарғиботини ташкил этиш, маҳсулот экспортини йўлга қўйиш, ушбу йўналишда жаҳоннинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва ҳаётга татбиқ этишдир.

“Ўзбекистон” миллий павильонида юртимиз тарихи ва бугуни, ўзбек миллий урф-одат ҳамда анъаналари акс этган намуналар келтирилган. Ҳунармандларимиз томонидан тайёрланган бежирим буюмлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Павильондаги мониторда мамлакатимизда фаолият юритаётган нашриёт-матбаа ижодий уйлар фаолиятига бағишланган видеоролик мунтазам намойиш этилади.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари кўргазмада самарали иштирок этмоқда. Хусусан, ўзбек ноширлари Россиянинг “Фламинго”, Польшанинг “Book institute”, Эроннинг “Shahrestan”, Бельгиянинг “Caramel”, Буюк Британиянинг “Account executive”, “Sweet Cherry Publishing”, Австриянинг “TBC global”, Қатарнинг “Lusail” сингари ўнлаб нашриётлар билан китоб маҳсулотларини чоп этиш юзасидан муаллифлик ҳуқуқини сотиш, сотиб олиш ва таржима қилиш бўйича қатор келишувларга эришди.

- Мамлакатингизда қарийб икки мингга яқин нашриёт ва матбаа корхоналари фаолият юритишини эшитиб, рости ҳавасим келди. Чунки бизда бундай корхоналар ниҳоятда кам, - дейди эронлик ёзувчи ва ношир Маҳдоҳт Асгари. - Техника тараққий этган даврда босма китоблар ўрнини электрон китоблар эгаллайди. Шундай бўлишига қарамай юртингизда бир йилда ўн миллиондан ортиқ китоблар нашр этилаётгани ўзбек халқининг китоб мутолаасига бўлган иштиёқи баланд эканлигини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, “Frankfurt Buchmesse” халқаро китоб кўргазмаси 14 октябрга қадар давом этади.

Бекзод Ҳидоятов,

ЎзМАА Халқаро алоқаларни мувофиқлаштириш ва

инвестициялар бўлими бош мутахассиси,

Франкфурт

1 167
Манба api.uz