Олмос қирралар жилваси

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан жаҳон адабиёти, хусусанЛев Николаевич Толстойнинг ижоди ихлосмандлари учун ажойиб туҳфа тайёрланди – улуғ адибнинг қаламига мансуб “Бечора Иван Ильич” ҳамда “Сергий ота” қиссалари Ҳаким Сатторий таржимасида “Икки қисса” умумий номи остида нашр этилди.

Жаҳон адабиётининг даҳоларидан бири Лев Толстой асарларининг бошқа тилга таржима қилиниши ўша адабиёт учун чинакам байрам бўлган. Бизнинг она тилимизда ҳам буюк сўз санъаткорининг барча йирик асарлари нашр этилган. Мазкур таржималар эса ёзувчи таваллудига 190 йил тўлиши муносабати билан амалга оширилди. Унинг таваллуд кунлари ҳамиша мухлислари ва умуман, жамоатчилик томонидан тантаналар билан муносиб нишонланган, янги тадқиқотлар, таржималар, кашфиётлар эълон қилинган. Зеро, бу адибнинг номи ва ижоди бутун инсоният учун эъзозли. Ҳар кун, ҳатто ҳар соатда Ер юзининг қайсидир пучмоғида кимдир унинг асарларини мутолаа қилади, улар асос бўлган фильмларни кўради ёки шунчаки хаёлида унинг сиймосини жонлантиради.

Лев Толстой юксак бадиий салоҳият билан тараннум этган умуминсоний ғоялари орқали башариятнинг ардоқли фарзандига айланиб қолган. Агар адабиёт одамзоднинг мангу макони бўлмиш Ер курраси билан қиёсланадиган бўлса, сўз мулкининг ҳам тоғлари, дарёлари, чўққилари, жилғалари – табиий қиёфаси бор. Лев Толстой эса олам ичида алоҳида оламни ташкил этувчи, ўз шамойилига эга бир қитъадир. Қайсидир бир рассом ҳазил сурат чизган экан. Унда Лев Толстой ёнбошлаб ётибди, унинг азамат гавдасида – елкасида, кўкрагида, соқоли орасида, бурнининг устида, қўл-оёғида дунёнинг бошқа шоир-ёзувчилари худди чумолидек ғимирлаб юришибди. Уни ана шундай маҳобатли тасаввур этадилар ва у шунга лойиқ.

Толстой ижоди бадиий жанрларга кўра ранг-баранг – романлар, қиссалар, ҳикоя­лар, пьесалар, санъат ҳақидаги рисолалар, кўплаб публицистик ва адабий-танқидий мақолалар, минглаб хатлар, жилдлаб кундаликлар... Гўё улкан бадиий сўз фаб­рикаси ўн йиллар давомида тиним билмай муттасил ишлаб турган ва унинг дастгоҳларида энг нодир маҳсулотлар яратилган. Улар бир-биридан оҳорли, кўркам.

Жумладан, «Бечора Иван Ильич» қиссаси ўз вақтида Лев Толстой бадиий даҳосининг энг ёрқин кашфиётларидан бири сифатида эътироф этилган эди ва бу баҳо ҳамон қадрини туширгани йўқ. Бир умр ўз қобиғида яшаган, ҳатто қарта ўйинидан ҳам завқ туймай, фикри-хаёли хизмат вазифасини қойил қилиб уддалашу, ҳар нарсадан яшаш қоидаси қилиб олгани «ёқимли, гўзал, кўнгилочар» қирраларни излайдиган одам баногоҳ тирикликнинг энг буюк мантиғи – ўлим билан юзма-юз бўлади, беморликда ўтган дамлари давомида бутун умрини сарҳисоб қилади. Хатоларини тушуниб етади.

Ёзувчи таъбири билан айтганда, «Фақат ўзни ўйлаб яшаш мумкин эмас, бу – ўлим. Худбинлик – тентаклик» эканлигини англаган Иван Ильич қазо остонасида илк марта атрофида одамлар борлигини, уларни ҳам ўйлаш, улар учун ҳам нимадир яхшилик қилиш лозимлигини тан олади: ўғлига ва хотинига «раҳми келади», улар учун бирор яхшилик қилишни хоҳлайди, афсуски, бунинг иложи йўқ: ажал гирибонидан олиб турибди. Шунда у ёруғ оламни тарк этиш билан ўғли ва хотинининг мушкулини осон қилиши мумкинлигини эътироф этади: «Уларга шафқат қилиш лозим, шундай қилиш керакки, улар қийноқ азобини чекишмасин».

Вақт зид, унинг қўлидан бор-йўғи шу келади.

Асарнинг оламшумул ғояси инсон имкони қўлдан кетмай умрининг қимматига етиши, балки ҳаёти давомида ҳар бир лаҳзани қадрлаши, дунё яхшиликлар билан гўзал-у, худбинлик барибир таназзулга олиб боришини тасдиқлашга қаратилган.

1882–1886 йиллар орасида яратилган асар эълон қилингач, жамоатчиликнинг ва бадиий зиёлиларнинг диққатини тортди. Машҳур композитор Пётр Чайковский уни ўқиб, «Мен қачонлардир ишонганман, энг буюкларнинг буюги, бу – Лев Толстой. Рус кишиси унинг битта асари мисолида Европа инсониятга нима туҳфа этганини ҳис қилиб, бошини мағрур тутиб юриши мумкин», деб ёзди. Ёзувчининг машҳур портретини чизган рассом Илья Крамской эса қисса ҳақида «Бу ҳар қандай санъатни хира торттирадиган мўъжиза, бу бемисл ижод», деган. Француз ёзувчиси Ромен Роллан эса қиссани «рус адабиётининг француз китобхонларини ўта ҳаяжонга солган асарларидан бири», деб эъ­тироф этганди.

Қиссанинг ёзилиши қандай шароитда бошлангани ҳақида маълумот сақланмаган экан. Гувоҳларнинг кундаликларида 1882 йил баҳорида Толстойнинг яхши кайфият билан ишлаётгани, янги асаридан парчалар ўқиб бергани муҳрланган. Асар устида иш эса у нашр қилинаётганда ҳам давом этган. Баъзи лавҳалар қисқартирилган, ўнинчи боб энг охирида қўшилган.

Қиссага Тула округ суди прокурори бўлиб ишлаган ва қирқ беш ёшида, 1881 йил 2 июнда вафот этган Иван Ильич Мечниковнинг ҳаёти асос қилиб олинган. У машҳур кимёгар олим Илья Ильич Мечниковнинг акаси бўлган.

«Сергий ота» қиссаси ҳам Лев Толстойга хос нодир хазинанинг бир намунаси. Далилларнинг гувоҳлик беришича, ёзувчида асарни яратиш фикри 1889–1890 йиллар атрофида пайдо бўлган. Маълумки, бу даврда Лев Толстой ижодининг чўққиси ҳисобланган «Уруш ва тинчлик» эпопеяси, «Анна Каренина» романи сингари шоҳ асарлари эълон қилиниб, улар ёзувчига катта шон-шуҳрат олиб келганди.

Лев Толстой қиссасида, бошқа кўплаб асарларида бўлгани каби, идеал танлашдаги хатоликнинг касрини жуда ишончли очиб берган. Бош қаҳрамон қисмати орқали ўз ички майлларини енголмаслик, имкониятларига ортиқча баҳо бериш, ҳаёт зарбаларига қасдма-қасд унга қарши зарба беришга уриниш одамни қай кўйга солиши ўзининг теран бадиий ифодасини топган. Шунингдек, воқеалар интиҳосида «Инсонни ўлдириш мумкин, бироқ уни енгиб бўлмайди» (Э. Хемингуэй) деган фикрнинг тасдиғи ҳам бор. Иккинчи бир томондан эса оёқни кўрпага қаратиб узатиш лозимлиги, беҳуда чираниш белни синдириши мумкинлиги уқтирилганга ҳам ўхшайди.

Буюк ёзувчининг асарларида олмос қирраларидек жилва кўзга ташланади. Уларнинг ҳаммаси эзгуликка хизмат қилади. Толстойнинг ўзи айтмиш «Одам каср сонга ўхшайди. Одамнинг ўзи каср сурати бўлса, махражи эса ўзи іақидаги фикридир. Махраж қанчалик катталашгани сари сон шунчалик кичиклашади». Унинг «Бечора Иван Ильич», «Сергий ота» қиссалари инсон манзараларини бутун синоати билан акс эттиришга қаратилган. Шундай экан, мазкур қиссалар ўзни ва ўзгани англашга интилаётган чинакам адабиёт ихлосмандларига манзур бўлади, деган умиддамиз.

ЎзМАА “Ўзбекистон” НМИУ Матбуот хизмати

1 497
Манба api.uz