“Ўзбекистон” ноширлари истиқлол тантанасини шукуҳли нишонлашди

Халқаро миқёсда мамлакатимизнинг шон-шуҳрати, обрў-эътибори юқори чўққиларни забт этаётган бир аснода юртимиз бўйлаб Мустақиллик тантаналари кенг нишонланмоқда.

Хусусан, Мустақиллик байрами Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи Давлат корхонасида ҳам шукуҳли нишонланди.

“Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!”шиори остида ўтган тадбир маросимида Корхона раҳбарияти, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги вакиллари ҳамда “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйининг ноширлари иштирок этишди.

Таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида ўз олдига қўйган вазифаларни, керак бўлса, муддатидан аввал ҳамда сифатли адо этиб келаётган “Ўзбекистон” НМИУ жамоаси юрагида “Корхона менга нима берди эмас, мен корхонага нима бера оламан” туйғуси чуқур илдиз отган. Бу ҳам ўз навбатида, албатта, китобхон халқимизнинг маънавий салоҳиятини оширишга муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.

Бугун халқимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг маънавиятини, дунёқарашини шакллантириш ҳамда бойитиш устувор масалалардан бири бўлиб бормоқда. Уларнинг ҳар томонлама камол топишлари учун миллий адабиётимиз билан бир қаторда жаҳон адабиётидаги истиқлол ғояларига мос ватанпарварлик, инсонпарварлик каби юксак тимсолларни ҳаққоний акс эттирувчи бадиий баркамол асарларнинг ўрни беқиёсдир. Бежизга юртбошимиз “Китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди”, дея таъкидламаганлар. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ўзбек ўқувчиси ўқиши шарт деб ҳисобланганижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий, маърифий, илмий, илмий-оммабоп ва бошқа турдаги кўплаб китоб маҳсулотларини нашр этиб келмоқда.

Албатта, тер тўкиб бажарилган меҳнат самараси бир кун юзага чиқади. Шу боис “Ўзбекистон” НМИУнинг бир қатор заҳматкашлари истиқлол тантанаси арафасида муносиб тақдирландилар. Жумладан, корхонанинг бир гуруҳ илғор ишчи-ходимлари бамрам муносабати биан Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар. Фахрий ёрлиқларни ўз эгаларига топшириш учун Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлги Бош директорининг биринчи ўринбосари Шукуров Собиржон сўзга чиқиб, корхона жамоасини байрам билан самимий ва қизғин табриклади.

Шунингдек, “Ўзбекистон” НМИУ директори Маҳкамов Қаҳрамон бир неча ишчи-ходимларни корхона Фахрий ёрлиқлари билан тақдирлади.

“Ўзбекистон”НМИУда ажойиб бир анъана бор: ҳар йили тантана арафасида “Ўз ишининг моҳир устаси” номинацияси йўналишида меҳнаткаш ходимлар қимматбаҳо совғалар билан мукофотланадилар. Ушбу муносиб совғалар ҳам ўз эгаларига топширилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан самарали меҳнат олиб борувчи фидоий ишчи-ходимлар қимматбаҳо совғалар – музлаткич ҳамда телевизорлар билан тақдирландилар.

Кўнгилларида байрам шукуҳи барқ ураётган ишчи-ходимлар ҳам сўз олиб, барчани тантана билан табриклашди.

Байрам тантаналари кенг ёйилаётган бир паллада корхона жамоаси китобхонларни “Ўзбекистон” НМИУда чоп этилаётган бир-биридан ғаройиб ажойиб китобларни мутоаа қилишга чорлаб қолади. Мазкур асарларни ўқир экансиз, инонингки, ҳаётингизда, эътиқодингизда эврилиш пайдо бўлади. Биз ҳам ишонамизки, бу асарлар бадииёт, фикр, тафаккур, сирасини айтганда, адабиётни қадрлайдиганлар учун кўнгил ҳамроҳига айланади, ўзбек китобхонининг ҳам муҳаббатини қозонади. Биз фақат тавсия этамиз – бу жаҳон севган буюк асарларни такрор ва такрор ўқишга, улар орқали қайта-қайта туғёнли дунёни кашф этишга арзийди.

 

ЎзМАА “Ўзбекистон” НМИУ Матбуот хизмати

1 1292
Манба api.uz