Мақом фестивалига 15га яқин хорижий давлатлардан аризалар келиб тушди

2018 йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида илк маротаба ўтказиладиган “Халқаро мақом санъати анжумани”да иштирок этиш учун жорий йилнинг 19 июль ҳолатига дунёнинг 15га яқин давлатлари ижодий жамоалари ва яккахон хонандаларидан аризалар келиб тушди, дея хабар қилмоқда Маданият вазирлиги ахборот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг қабул қилиниши ҳамда бундан буён ҳар икки йилда бир маротаба мамлакатимизда “Халқаро мақом санъати анжумани”нинг ўтказилиши бу санъатнинг дунёвий аҳамиятини белгилаб беради.

Айни кунларда ушбу халқаро анжуманга тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилмоқда.  

2018 йил 2, 6, 13 июль кунлари “Ўзбек миллий мақом санъати маркази” биносида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тузилган саралаш комиссияси Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилаётган “Халқаро мақом санъати анжумани”да иштирок этиш истагини билдирган хорижий давлат мақом ансамбллари ва яккахон хонандаларининг ижод намуналарини кўриб чиқди.

Йиғилишда Ҳиндистон, Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Хитой, АҚШ, Тожикистон, Туркия, Бельгия, Жазоир, Бангладеш, Сурия ва Эрон каби хорижий давлат мақом ансамбллари ва яккахон хонандаларининг ижод намуналари анжуман низом талаблари доирасида ўрнатилган тартибда ўрганилди.

Саралаш босқичи давомида комиссия аъзолари томонидан Аф­ғо­нистоннинг “Сафар” гуруҳи, АҚШнинг “Шашмақом академияси” болалар мусиқий жамоаси, Ҳиндистоннинг Устад Иқбал жамоаси, Озарбайжоннинг Саҳиб Пашшазаде раҳбарлигидаги “Mugham” ансамбли жамоаси, Хитой Халқ Респуб­ликасидан Гулзира Аблат яккахон ижрочи, Жазоирнинг Djazira мусиқий жамоаси, Тожикистондан яккахон ижрочи Сирожиддин Жўраев, Ҳиндистоннинг Dvali мусиқий жамоаларининг ижод намуналари маъқул деб топилди.

 

Энди айрим иштирокчилар ҳақида.

Сирожиддин Жўраев – 1975 йил 27 декабрь куни Тожикистон Республикасида туғилган. Тожикистон Республикаси фуқароси. 2005 йилда Тошкент давлат консерваториясини тамомлаган. Ф.Шахобов номидаги Тожикистон давлат Шошмақом ансамблида мусиқа дуторчиси лавозимида фаолият юритмоқда.

У халқаро мақом санъати анжуманида “Мушкулоти Наво” (силсила – Тасниф, Taрже, Гардун), “Taлқини Баёт” (Наво мақомидан), “Не ажаб” ва “Очилсин” (xaлқ куйлари), “Зулф” (M.Mўминов куйи) куйларини ижро этиши кўзда тутилмоқда.

Ҳиндистоннинг Dvali мусиқий жамоаси Янги Деҳлида ўз фаолиятини юритиб келмоқда. Мазкур жамоа кўплаб фес­тивалларда иштирок этиб келади. Жумладан, Ўзбекистоннинг Хива шаҳрида ўтказилган “Raqs sehri” фестивалида ҳам қатнашган. Жорий йил 6-10 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган “Халқаро мақом санъати анжумани”да ҳинд классик мусиқасини ижро этиши кўзда тутилмоқда.

 

1 150
Манба api.uz