Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш бўйича йиғилиш ўтказди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 октябрь куни мудофаа қурилиши ва Қуролли Кучларни ривожлантириш масалаларига бағишланган хизмат йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Мудофаа вазирлиги масъул мансабдор шахслари жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик, бошқарув органлари, бирлашмалар, қўшилма ва қисмлар, олий ҳарбий таълим муассасалари, шунингдек, маҳаллий ҳарбий бошқарув органлари томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.

Ҳисоботда айтилишича, қисқа муддатда хорижнинг илғор технологиялари ва замонавий ўқув воситаларини ўзида мужассам этган янгиланган Қуролли Кучлар академияси ташкил этилди.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида жами 120 дан ортиқ тезкор-жанговар тайёргарлик тадбирлари ўтказилган, уларда тегишли вазирлик ва идораларнинг 15 мингдан зиёд ҳарбий хизматчилари, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари иштирок этган.

Хизмат йиғилиши якунлари бўйича Қуролли Кучларни янада ислоҳ қилиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

1 227
Манба api.uz