Тиббиёт ходимлари ойлиги оширилади

Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарорга мувофиқ, давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари 2018 йил 1 декабрдан 1,2 баравар ва 2019 йил 1 апрелдан 1,15 баравар оширилади.

Қарор билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасига 2019 йил 1 июлгача тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизими бўйича қуйидагиларга йўналтирилган таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси юкланди:

  • давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг лавозимига ва малакасига, кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг мураккаблик ва жавобгарлик даражаси, шунингдек, даволаш-профилактика муассасалари ихтисослигига қараб базавий лавозим маошларини жорий этиш;
  • тиббиёт ходимлари фаолиятини ва меҳнати унумдорлигини баҳолашнинг замонавий усулларини жорий этиш;
  • тиббиёт ва фармацевтика ходимларини моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тартибини тубдан қайта кўриб чиқиш;
  • ўрнак кўрсатган врачларга тариф ставкасининг 100 фоизигача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устамалар белгилаш.

Шунингдек қарор билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Ривожлантириш ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилди.

Жамғарма маблағларидан соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини мукофотлаш, моддий ёрдам, қўшимча ҳақлар, устамалар бериш, уй-жой билан таъминлашни яхшилашга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришнинг бошқа мақсадлари учун фойдаланилади.

1 315
Манба api.uz